Презентация

F_Foto_000109

Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада санъатшунослик фанлари доктори Олтиной Тожибоеванинг “Эпос ва театр” деб номланган икки томлик монографияси тақдимномаси ўтказилди. Мазкур китоб 2015-2016 йилларда  институтда бажарилган   ФА-ИЗ-Г007 ИЗ-2014-091125352 – «Ўзбек театр санъатида миллий маданий мероснинг ўрни» номли монографияни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш» деб номланган инновацион гранти  доирасида бажарилган. Монографияда  оғазки ижод маҳсули бўлган достонлар, шунингдек, халқ бадиий маданиятининг  мумтоз адабиётга, муқаддас китобларга, замонавий бадиий адабиётга кўчган намуналари асосида яратилган спектакллар хусусида сўз боради. Унда эпоснинг миллий театр санъати тараққиётидаги улкан ўрни ва роли, анъаналар давомийлиги, янги бадиий тамойиллар юзага келишидаги ўзига хос жиҳатлар илмий тадқиқ этилган.   Муаллифнинг “Алпомиш”, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Тоҳир ва Зуҳра”,  шунингдек, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Юсуф ва Зулайҳо” сингари эпик меросдан униб чиққан ва сайқалланган саҳна асарлари ҳақидаги тадқиқот натижалари диққатга молик бўлиб, тақдимотда алоҳида қайд этилди. Тақдимот назариётчи олимлар билан амалиётчи санъаткорлар ўртасидаги ижодий фикрлашув, самимий суҳбат тариқасида ўтди.

Тақдимотга санъатшунослик фанлари доктори, профессор Оқилхон Иброҳимов модераторлик қилди. Тақдимот маросимида санъатшунослик фанлари доктори, профессор Муҳаббат Тўлахўжаева, санъатшунослик фанлари доктори Ильдар Мухтаров, санъатшунослик фанлари доктори, “Санъат” журналининг бош муҳаррири, китоб ношири Дилафруз Қодирова, филология фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти соҳиби Шомирза Турдимов, санъатшунослик фанлари номзоди, доцент Тоҳир Йўлдошев,  Ўзбекистон Республикаси Санъат арбоби Маҳкам Муҳаммедов,  Ўзбекистон халқ артисти, Давлат мукофотлари соҳиби Турғун Азизов, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, режиссёр Аҳад Фармонов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бойир Холмирзаев, режиссёр Ҳамид Қаҳрамон ва бошқа санъаткорлар, олимлар иштирок этишди. Муқимий номидаги мусиқали драма театри актёрлари ижросида “Лайли ва Мажнун”, “Тоҳир ва Зуҳра” мусиқали драмаларидан парчалар кўрсатилди. Ария ва дуэтларга  фортепианода  бастакор Олимжон Комилжонов жўровозлик қилди. Тақдимотга йиғилган Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Ўзбекистон Миллий Университети, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби талабалари катта таассурот олдилар. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти ҳамда Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона  ҳамкорлигида бунингдек тадбирларни яна кўплаб ўтказишига келишилди, янги режалар белгиланди.

 

Leave us a Comment